Кўмир конидаги портлаш қурбонлари сони ортди

Россиянинг энг йирик кўмир конида шанба куни метан гази портлагани оқибатида нобуд бўлганлар сони 30 кишига етди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгуга кўра, айни пайтда 64 нафар кончи, 19 нафар қутқарувчи, жами 83 киши ер остида қолмоқда.

Кемерово вилоятининг Распадская конида кўп миқдорда метан гази тўпланиб қолгани яна портлашга сабаб бўлиши мумкинлиги боис қутқарув ишлари вақтинчлик тўхтатилган эди. Кеча тунда қутқарув ишлари қайтадан бошланди. Айни пайтда расмийларга кўра, метанни ҳайдаш ва қутқарув ишларини давом эттириш учун конга ҳаво юборилмоқда.

Портлашдан кейин 300га яқин ишчи кондан соғ-омон чиқишга муваффақ бўлган.