Туркия- Россия ўртасида виза тизими бекор қилинди

Россия ва Туркия ўртасида ўзаро виза тартибини бекор қилиш ҳамда Туркия ҳудудида Россия ёрдамида биринчи атом электр станцияси қуришга оид шартнома имзоланди.

Атом электр станциясини Туркиянинг Аккую шаҳрида барпо қилиш режаланган. Ушбу лойиҳа қийматининг салкам 20 миллиард доллар атрофида экани айтилмоқда.

Мазкур шартномалар бугун Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Анқарада Туркия президенти Абдуллоҳ Гул билан олиб борган музокараларидан сўнг имзоланди.

- Сўнгги йиллар давомида ўзаро алоқаларимиз кескин даражада ўзгарди. Бугун биз ушбу алоқалар стратегик, кўп жиҳатли ва бугунги ҳаётимиз воқелигини акс эттиради, дея олишимиз мумкин, деди Дмитрий Медведев Анқарадаги матбуот анжумани чоғида.
Дмитрий Медведевнинг Россия-Туркия ҳамкорлик кенгаши йиғинида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.