Бангкок тўқнашувларида 24 киши нобуд бўлди

Таиланд пойтахти Бангкокда аксилҳукумат намойиш иштирокчилари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўйнашувлар ҳануз давом этмоқда.

Хабарларга кўра, шу кунгача 24 киши нобуд бўлган, юздан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган.

Айни пайтда БиБиСининг хабар қилишича, мухолифат етакчилари Бангкокнинг шарқий қисмида норозилик акцияси ўтказмоқда. Таиланд ҳукумати эса пойтахтда коммендантлик соати жорий қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Мамлакат бош вазири Абҳисит Вежжажива ортиқча қон тўкилиши олди олинишига ваъда бериб, яқин кунлар ичида Бангкокда тартиб ўрнатилишини таъкидлади.

- Сўнги кунлар мобайнида рўй берган ҳодисаларни инобатга олган ҳолда намойишларга алоқадор бўлмаган фуқароларни ҳимоя қилиш, уларни ушбу акцияларда иштирок этиши ёки зўравонликлар қурбонига айланиши олдини олиш борасида чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Бош вазир ўринбосари, Фавқулодда ҳолатлар маркази раҳбари Сутҳеп Чаугсубан одамларни ҳимоя қилиш ва коммендантлик соати жорий қилиш масаласини муҳокама қилмоқда, деди Таиланд бош вазири Абҳисит Вежжажива.

Таиланд бош вазири истеъфосини талаб қилаётган намойишчилар Бангкокдаги савдо марказларидан бирига ўрнашиб олган. Қизил кўйлаклар номини олган намойишчилар ўз талаблари бажарилмагунича, ортга чекинмасликларини маълум қилганлар.