НАТОнинг янги концепцияси очиқланди

НАТОнинг Брюсселдаги Бош қароргоҳида АҚШ собиқ Давлат котиби Мадлен Олбрайт етакчилигидаги экспертлар гуруҳи НАТОнинг янги стратегик концепциясини эълон қилди.

- НАТО олдида турган асосий вазифалардан бири Афғонистондаги урушда ғалаба қозониш, Россия билан алоқаларни яхшилаш, Эрон таҳдидларини бартараф этиб, альянсга аъзо 28 давлат хавфсизлигини таъминлашдан иборат, дейилади мазкур стратегик концепцияда.

Айни пайтда НАТо Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳужжатда қайд этилган таклифлар ҳозирги кунда НАТО олдида турган вазифалар билан муштарак эканини таъкидлади.

- Экспертлар гуруҳи глобал хавфсизликнинг барча жиҳатларини ўрганиб улкан ишни амалга оширдилар. Улар 21-асрда юзланишимиз мумкин бўлган муаммоларга олдиндан қандай чора-тадбирлар кўришимиз мумкинлиги борасида одил ва шаффоф хулосаларни тақдим қилдилар, деди НАТО Бош котиби.

Маълум бўлишича, янги стратегик концепция НАТОнинг ноябр ойида Лиссабонда ўтказиладиган саммитида муҳокама қилинади.