АҚШ Пхеньянни жиловламоқчи

АҚШ Шимолий Корея билан савдо алоқалари ва денгиз қатновини тўхтатишга оид расмий Сеул қарорини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Бунга Сариқ денгизда 26 март куни Жанубий Корея ҳарбий кемасининг чўктириб юборилиши сабаб бўлди.

Жанубий Корея ўз ҳарбий кемасининг чўкишига Шимолий Корея сувости кемасидан отилган ракета сабаб бўлган, деган ҳисоботни эълон қилди.

Оқ уй маъмурияти Сеул айбловларини холис, дея атади. Президент Барак Обама, ўз навбатида янгидан рўй бериши мумкин бўлган агрессия ҳолатлари олдини олиш мақсадида АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан ҳарбий стратегияси қайта кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.

Хитой сафарини давом эттираётган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Пекинни Шимолий Кореяни жиловлаш борасида қилинаётган ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

- Шимолий Корея ҳам жиддий назоратимизни талаб қилмоқда. Ўтган йил Шимолий Корея ядровий қурол синови ўтказгандан сўнг бу давлатга қарши БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини жорий қилиш борасида биргаликда ҳаракат қилдик. Жанубий Корея ҳарбий кемаси чўктирилиши ортидан биз бугун ўта жиддий масалага дуч келдик. Корейс ярим оролида тинчлик ва барқарорлик равнақ топиши йўлида, биз яна бир бор биргаликда ҳаракат қилмоғимиз даркор, деди Ҳиллари Клинтон.

Шимолий Корея эса Сеул айбловларини инкор қилиб келмоқда.