Исроил Ирландия кемасини ярим йўлда тўхтатди

Ўрта ер денгизида Исроил ҳарбий кемалари Ғазо минтақаси учун инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган юк кемасини қуршовга олди.

Ассошиэйтид пресс ахборот агентлигининг Исроил расмийларига таяниб хабар қилишича, кемадаги фаоллар ҳарбийларнинг тўхташ тўғрисидаги топшириқларини инкор қилиб, Ғазо қирғоқлари томон ҳаракатланишда давом этган.

Ирландияга тегишли мазкур кема экипажи камида 10 кишидан иборат. Улар орасида Ирландия фуқаролари, жумладан, Нобел Тинчлик мукофоти совриндори бўлган 66 яшар Майрид Корриган Магуайр ҳамда БМТ Бош котибининг собиқ ёрдамчиси Дэнис Ҳаллидей ҳам бор.

Душанба куни Исроил хафвсизлик кучлари Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган “Озодлик флотилияси”да рейд ўтказди. Ушбу рейд чоғида кемада бўлган фаоллардан тўққиз нафари нобуд бўлди, ўнлаб одам тан жароҳати олди.

Жаҳоннинг кўпгина давлатлари, жумладан, Туркия, Франция, Германия ҳамда БМТ Исроил ҳаракатларини кескин қоралаб, халқаро сувларда рўй берган ушбу ҳодиса юзасидан мустақил текширув ўтказилишини талаб қилдилар.