Покистон мудофаа харажатларини оширмоқчи

Покистон ҳукумати мамлакат мудофаа эҳтиёжлари учун давлат ҳаражатларини оширишини эълон қилди.

Маълум бўлишича, 1 июлдан бошлаб Покистон ҳукумати мудофаа эҳтиёжлари учун йилига беш миллиард доллар сарфлашни режалаган, бу ўтган йилги харажатлардан қарийб 17 фоиз кўп деганидир.

Хабарларга кўра, 2010-2011 молиявий йил учун Покистон давлат бюджети 38 миллиард доллар атрофида қилиб белгиланган.

Парламентда чиқиш қилган Покистон молия вазири Абдул Ҳофиз Шайх мамлакатдаги хавфсизлик вазияти ҳануз назорат остида эмаслигини билдириб, хавфсизлик кучлари парламент қувватловига эга эканини сезиб туришлари лозим, дея таъкидлади.

Сўнгги уч йил мобайнида Покистон бўйлаб содир этилган ҳужумлар ва қўпорувчилик амалиётлари оқибатида 3400 дан ортиқ фуқаро нобуд бўлди.