Евро қадрсизланишда давом этмоқда

ЕИнинг Иқтисодий ва валюта масалалари бўйича комиссари Олли Рейн жаҳон бозорида евро қиймати кескин тушиб кетишидан жиддий ташвиш билдирди.

Жаҳон биржаларида бўлиб ўтган бугунги савдоларда евро қиймати долларга нисбатан сўнги тўрт йил ичида энг паст даражага тушиб кетди. Душанба кунги савдоларда бир евро қиймати бир доллару 18 центга тенглашди.

Даставвал АҚШ ва кейинчалик Осиё ҳамда Европа фонд биржаларининг кўрсаткичлари ҳам кескин тушиб кетди.

Кузатувчилар фикрича, бунга ЕИнинг яна бир аъзоси Венгрияда қарз бўҳрони авж олиши мумкинлиги борасида пайдо бўлган хавотирлар сабаб бўлган.

Бугун евроҳудудга аъзо давлатлар Молия вазирларининг Брюсселда мажлис ўтказиши ҳам кутилмоқда.