Эронга қарши янги санкция лойиҳаси тайёр

Эроннинг ядровий дастури борасида бу мамлакатга қарши янги санкциялар жорий қилиш ҳақидаги БМТ резолюцияси лойиҳаси БМТ Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилиши учун тайёрлаб қўйилди.

Кенгашнинг ҳозирги президенти Мексиканинг БМТдаги элчиси Клод Ҳеллер кенгаш аъзолари шу ҳафтада овоз беришга қарор қилганларини айтди.

Бироқ Бразилиянинг БМТдаги элчиси Мариа Луиза Рибейро ва Туркия дастлаб Эроннинг ядровий дастури масаласини кенгроқ “сиёсий муҳокама”га қўйишни талаб қилмоқда.

Мазкур резолюция матни муаллифи бўлган АҚШ ўтган ҳафта Хавфсизлик кенгашининг бошқа аъзолари талабларини қондиришда муваффақиятга эришилганини айтган.

Айни пайтда Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Юкия Амано Эрон ўзи эга бўлган барча ядровий материаллар тинч мақсадни кўзлаганини исботлаш учун Халқаро агентлик билан ҳамкорлик қилмаганини айтди.

- Агентлик Эрондаги ядровий материаллар эълон қилинганидан бошқа мақсадда ишлатилмаётганини тасдиқлар экан, Эрондаги барча ядровий материаллар тинч мақсадда ишлатилишини халқаро агентлик тасдиқлаши учун Эрон етарлича ҳамкорлик қилмади, деди Атом энергияси халқаро агентлиги бошқарувчилар кенгашининг 7 июн куни Венада ўтган йиғилишида сўзлаган ташкилот раҳбари Юкия Амано.