БМТ Эронга қарши жазо чоралари қўллайди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз ядровий дастури борасида ҳамкорлик қилишдан бош тортаётган Эронга қарши янги санкциялар жорий қилишни назарда тутган резолюция лойиҳасини маъқуллади.

Ҳужжатни Хавфсизлик кенгашига аъзо 12 давлат қўллаб-қувватлади.

Резолюция лойиҳасини БМТ Хавфсизлик кенгашининг бешта доимий аъзосининг ҳаммаси, яъни АҚШ, Британия, Франция, Россия ва Хитой қўллаб овоз берди. Туркия ва Бразилия резолюция лойиҳасига қарши овоз берди. Ливан эса бетараф қолди.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Эрон ядровий қуролларни тарқатмаслик ҳақидаги шартнома мажбуриятларини бажармай, халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солганига жавобан Хавфсизлик кенгаши шундай чора кўрганини айтди.

- Эрон ҳукумати Атом энергияси халқаро агентлиги доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятлари ҳамда Хавфсизлик кенгаши резолюциялари талабларини бажаришдан бош тортгани учун биз шундай чора кўрдик. Халқаро ҳамжамиятнинг доимий ва узоқ вақт давом этган талабларга қарамай, Эрон уранни бойитиш ишлари ва бошқа фаолиятини тўхтатмади, дея баёнот берди БМТдаги АҚШ элчиси.

Ўз навбатида, Атом энергияси бўйича халқаро агентликдаги Эроннинг элчиси Али Ашғар Султоний янги санкцияларга қарамай, Эрон уранни бойитиш ишларини давом эттиришини айтди.