Белорус Европага газ транзитини тўхтатиб қўйди

Белорус президенти Аляксандер Лукашенка кеча Россия газининг Европага транзитини тўхтатиб қўйишга фармойиш берди.

Президентга кўра, фармойиш Россиянинг "Газпром" ширкати газ транзити учун йиғилиб қолган қарзини Белорусга тўламагунича ўз кучида қолади.

Минскнинг бундай қарор қабул қилишига Москванинг ўзи сабабчи бўлди. Кеча "Газпром" Белорусга етказиб бераётган гази ҳажмини 30 фоизга қисқатирди. Бу чора Белоруснинг газдан қарзини узмагани билан изоҳланмоқда.

Аввалроқ Минск қарзни икки ҳафта ичида узишга ваъда берган эди. Бироқ "Газпром" бунга кўнмади. Айни пайтда ширкат транзит учун Белорусга қарз эканлини ҳам тан олди.

Европа Комиссияси Россия ва Белорусни европалик харидорлари олдидаги мажбуриятларини оғишмай бажаришга чақирди.