Бир неча толиб "қора рўйхат"дан ўчирилади

"Толибон" ҳаракатининг БМТ "қора рўйхат”ида бўлган аъзоларидан бир нечаси "қора рўйхат"дан ўчирилади.

БМТнинг бундай қарор қабул қилишга розилик бергани тўғрисида кеча Афғонистон президенти Ҳамид Карзай маъмурияти вакили хабар қилди.

Шу кунда БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатлар 15 нафар дипломати Кобулда юрибди.

Афғонистон ҳукумати таклифи билан Кобулга борган дипломатлар "Ал-Қоида"га алоқаси борлигини инкор этаётган толибларни БМТ "қора рўйхати"дан чиқариб ташлаш масаласини ўрганмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига биноан "Толибон" ва "Ал-Қоида" билан алоқаси бўлган афғонистонлик юқори лавозимли амалдорлар чет эллардаги банк ҳисобларидан фойдалана олмайди, уларнинг Афғонистондан ташқарига чиқиши мумкин эмас.

Рўйхатда ҳаммаси бўлиб 137 киши бор. Улардан 5 нафари шу кунда Афғонистон парламентида хизмат қилади. Бу амалдорлар ҳукумат билан толиблар ўртасидаги музокараларда воситачилик қилмоқда.