Freedom Houseнинг янги ҳисоботи эълон қилинди

Freedom House сўнгги ўн йилликни постсовет ҳудуддаги демократик бошқарув ва демократик институтлар учун кечган “таназзул ўн йиллиги”, деб баҳолади.

Ҳисоботда Болтиқ бўйидан тортиб, Марказий Европа ҳамда Марказий Осиё ҳудудида жойлашган 29 давлатдаги демократик вазият ўрганилган. Унда айтилишича, Болтиқ бўйи давлатларидан ташқари 12 давлатдан 8 тасида “жипслашган авторитар режимлар” ҳукм сурмоқда ва бу давлатларда инсон ҳуқуқларининг асосий стандартлари, демократик нормалар ва қонун устиворлиги мутлақо мавжуд эмас.

Қолган икки давлат — Молдова ва Арманистон “ярим жипслашган авторитар режимлар”, Украина ва Грузия эса ўтиш давридаги тузумлар, деб таснифланган.

Постсовет ҳудудда яшаётган аҳолининг қарийб 80 фоизи — бу эса 221 миллионга яқин одам — ҳануз ўзининг асосий сиёсий ҳуқуқларидан мосуво ҳолда яшамоқдалар.

Европа иттифоқига янги аъзо бўлиб кирган Европа давлатларининг барчаси “жипслашган демократиялар” деб таснифланган. Фақатгина Болгария ва Руминия ҳануз коррупция ва бошқа шу каби муаммолар олдида ожиз қолмоқда.