Толиблар НАТО базасига ҳужум уюштирди

Афғонистон шарқидаги Покистонга туташ ҳудудда НАТОга қарашли ҳарбий базага ҳужум уюштирилди.

НАТО қўмондонлиги расмийларидан бири бугун эрта тонгда бир гуруҳ жанггарилар Нангарҳор вилоятининг Жалолобод туманига яқин жойлашган базага ҳужум қилганини билдирди. Айтилишича, қуролли ҳужумдан аввал худкуш шахс ўзи бошқараётган машинани ҳарбий база дарвозаси олдида портлатиб юборган. Расмийларнинг билдиришича, ҳужум чоғида бир қанча жанггари ўлдирилган.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги эса ҳужум оқибатида саккиз нафар жанггари ўлдирилгани¸ ҳукумат ва халқаро кучларнинг биттадан аскари тан жароҳати олганини эълон қилди.

Айни пайтда Толибон ҳаракати вакилларидан бири НАТО базасига қилинган ҳужумда олти худкуш шахс ўзини портлатиб юборгани ва оқибатда ҳукумат ва халқаро кучларнинг ўндан зиёд аскари нобуд бўлганини маълум қилди. Бироқ бошқа манбалар мазкур хабарни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

29 июн куни АҚШ генерали Дэвид Петреус Сенатда бўлиб ўтган эшитувлар чоғида Афғонистондаги вазиятни “қалтис”, дея баҳолади.

Сенатнинг Қуролли кучлар қўмитаси томонидан берилган саволларга жавоб берар экан, генерал Петреус Толибон исёнчилари ҳануз “ишонч билан қаршилик”ни давом эттираётганини таъкидлади.