Обама Нетаняҳуни тинчлик музокараларини бошлашга чақирди

АҚШ президенти Барак Обама Фаластин ва Исроил раҳбарларини кейинги уч ой ичида тинчлик музокараларини бошлашга чақирди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан Вашингтонда ўтган учрашувдан сўнг баёнот берган Обама Исроил томони Фаластин билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш мақсадида собит эканига ишончи комиллигини айтди.

- Яқин Шарқ тинчлик музокаралари истиқболи масаласини ҳар томонлама муҳокама қилдик. Мен Бош вазир Нетаняҳунинг тинчлик тарафдори эканига ишонаман. Менимча, у тинчлик йўлида таваккал қилишга тайёр ва мулоқотимиз давомида у фаластинликлар билан тинчлик музокаралари ўтказиш мақсадида жиддий эканини яна бир карра таъкидлади, деди АҚШ президенти Барак Обама.

Фаластин томони Исроил билан тўғридан-тўғри сўзлашувларни 2008 йил якунида — Исроил Ғазога ҳарбий ҳужумни бошлаган кезда тўхтатган эди.