Франция депутатлари исломий ниқобни тақиқлашни муҳокама қилади

Франция парламенти жамоат жойларида юзга ниқоб тортилган исломий кийим кийишни тақиқлаш масаласини муҳокама қилади.

Адлия вазири Мишел Аллиот Мари Миллий Ассамблея йиғинига тўпланган депутатлар олдида қилган чиқишида¸ юзга ниқоб тортиш ёхуд бурқа кийиш Франциянинг дунёвий қадриятларига зиддир, деди.

- Бирор киши билан ёнма-ён яшаш истаги у киши билан юзма-юз сўзлашиш, ўзинг гаплашаётган кишининг юзини кўриш ва унинг ҳам сени кўриб туришини қабул қилишни назарда тутади, деди Франция Адлия вазири.

Танқидчилар бундай тақиқ шахснинг индивидуал ҳуқуқларини поймол этишини айтиб, қонун лойиҳасига қаршилик қилмоқда.

Ғарбий Европадаги энг катта мусулмон жамоасига эга Францияда 5 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилади.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, Франция мусулмонлари орасида юзига ниқоб тортадиган мусулмон аёллари сони 2 000 га ҳам етмайди.

Ниқобни тақиқловчи қонун лойиҳасида эса бу тақиққа бўйсунмаганларга 150 евро миқдорида жарима солиш ёки фуқаролик тартиб-қоидалари бўйича дарс олишни талаб қилиш белгиланган.

Қонун лойиҳасининг 13 июл куни депутатлар орасида овозга қўйилиши, сентябр ойида эса Сенат муҳокамасига тақдим этилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Франциядан ташқари Европанинг яна бир қатор давлатларида ҳам мусулмонларнинг юзга ниқоб тортувчи исломий кийимларини тақиқлаш масаласи муҳокама этмоқда.