АҚШ Россия билан жосусларни айирбошлади


АҚШ Россия фойдасига жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган 10 шахсни Россияда жосуслик айби билан қамалган 4 маҳбусга алмашди.


Жосусларни ўзаро алмашиш жараёни бугун Вена аэропортида амалга оширилди. Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, Россияда қамалган тўрт шахс ўтирган Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг махсус самолёти бугун эрта тонгда Вена аэропортига келиб қўнди. У билан кетма-кет Вена аэропортига ўтган ой АҚШ ҳудудида қўлга олинган рус жосуслари ўтирган самолёт ҳам келиб қўнди.


Бир неча соатдан сўнг эса ҳар иккала учқич номаълум томонга учиб кетди. Айни пайтда жосусларни ўзаро алмашиш жараёнига оид қўшимча маълумот ошкор қилинмади.


Пайшанба куни Россия президенти Дмитрий Медведев Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилганликда айбланган тўрт кишини авф этишини эълон қилган эди.


Ҳар иккала давлат расмийлари фикрича, расмий Вашингтон ва Москва жосуслар билан юзага чиққан можаронинг шу кунгача яхшиланган ўзаро алоқаларга путур етказмаслигига умид қилмоқдалар.