Жосуслар ўз манзилига етиб бордилар

АҚШ ҳукумати Россия билан амалга оширилган жосусларни ўзаро алмашиш жараёни муваффақиятли ўтказилганини эълон қилди.


Расмий Вашингтон жума куни Вена аэропортида
Россия фойдасига жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган 10 шахсни Россияда жосуслик айби билан қамалган 4 маҳбусга алмашди. Россия томонидан авф қилинган қилинган шахслар ўтирган учқич бугун эрта тонгда Вашингтон аэропортига етиб келди. АҚШ томонидан озод қилинган 10 нафар рус досусининг аллақачон Москвага етиб боргани айтилмоқда.


Вашингтонга етиб борган самолёт бортида неча киши бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Айрим ахборот агентликларига кўра, Россия томонидан озод қилинган тўрт жосусдан икки нафари Буюк Британияда қолган, икки нафари эса Вашингтонга учиб кетган.


Ҳар иккала давлат расмийлари фикрича, расмий Вашингтон ва Москва жосуслар билан юзага чиққан можаронинг шу кунгача яхшиланган ўзаро алоқаларга путур етказмаслигига умид қилмоқдалар.


Айни пайтда Халқаро Амнистия ташкилоти Россияни Ғарб фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қамалган рус олими Игор Сутягинни мажбуран мамлакат ҳудудидан чиқариб юборганликда айблади.