Ўшликларга бепул юридик ёрдам кўрсатадиган марказ ишламоқда

Қирғизистон жанубидаги фожеаларда жабрланган одамларга бепул юридик маслаҳат берувчи марказ иш олиб бормоқда. Мазкур марказ БМТ Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигининг Ўшдаги ваколатхонаси кўмагида фаолият юритаяпти.

Бу марказдан уйи куйган, фожеаларда яқинлари, соғлиги ва мулкини йўқотган одамлар, бундан ташқари, фожеалардан кейин бирор муаммо, масалан, ҳуқуқ-тартибот идоралари зўравонлигига учраган одамлар бепул юридик маслаҳат олиши ва шу билан бирга юридик ёрдам ҳам олиши мумкин.

Бу ҳақда Озодликка марказнинг Ўш шаҳри бўйича ходими, адвокат Ойгул Матиева гапириб берди.

- Ҳозир биз 24 соат давомида ҳуқуқий консултациялар бераяпмиз. Уйлари куйиб кетган одамларга йўл кўрсатамиз, масалан, етказилган зарарни баҳолайдиган комиссия чақириш, бедарак йўқолганлар, болалар ҳимояси, тиббий ёрдам масалаларида. Бу борада биз маълумот берамиз қайси рақамга қўнғироқ қилиб, ёрдам олиш бўйича. Шунингдек, Қизил хоч қўмитасига йўқолган одамлар бўйича маълумот жўнатамиз. Ота-онасини йўқотган болаларни топишга ёрдам берамиз. Йўқолган ҳужжатларни тиклаш бўйича ёрдам берамиз.

Мазкур марказ билан Ўш шаҳрида +996 555 509944, +996 555 519944, Жалолобод шаҳрида +996 555 529944, телефон рақамлари орқали боғланиш мумкин.