БМТ суди Косово мустақиллигини қонуний деб топди

БМТнинг Ҳаагадаги Халқаро адолат суди Косово ҳукуматининг ўлка мустақиллигини эълон қилиш тўғрисидаги қарорини қонуний деб топди.

- Косово қарори БМТнинг 1244-сонли резолюциясига зид эмас. Суд қарорига кўра, 2008 йилнинг 17 феврал куни эълон қилинган мустақиллик декларацияси халқаро қонун, 1244- сонли Хавфсизлик кенгаши резолюцияси ёки конституцион ҳужжтларга зид эмас. Демак ушбу декларациянинг қабул қилиниши халқаро ҳуқуқ нормаларини бузмаган, деди ҳукмни ўқиб эшиттирган Халқаро суд президенти Хисаши Овада.

Сербия ҳукумати Косово қарорини ўрганиб чиқишни сўраб 2009 йилда БМТ маҳкамасига мурожаат қилган эди.

Сербия ўз ҳудудининг ажралмас қисми эканини иддао қилаётган Косово ўлкаси устидан назоратни 1999 йилда - НАТО учқичлари уюштирган бомбардимон натижасида серблар ва этник албанлар ўртасидаги уруш тугаганидан кейин йўқотган эди.

Ҳаага шаҳрида жойлашган БМТ маҳкамасининг қарори бажарилиши мажбурий эмас¸ балки тавсия характерига эга.

Шу кунгача Косово мустақиллигини жаҳоннинг 60дан ортиқ давлати, жумладан АҚШ ва ЕИнинг аксар давлатлари тан олган.