Ироқ қамоқхонасидан маҳбуслар қочди

Ироқ Адлия вазири Дара Нуриддин Ал-Қоидага алоқаси бўлган тўрт маҳбус Бағдод ташқарисидаги қамоқхонадан қочишга муяссар бўлганини билдирди.

Маълум бўлишича, АҚШ қўшинлари мазкур қамоқхона назоратини ўтган ҳафта Ироқ хавфсизлик кучларига топширган.

Адлия вазири сўзларига кўра, қочган маҳбуслар терроризм айби бўйича маҳкамага тортилиши лозим бўлган. Бундан ташқари ушбу маҳбуслар учун маъсул бўлган қамоқхона нозири ҳам бедарак йўқолган.

Айтилишича, ҳозирги кунда Бағдод ташқарисидаги мазкур қамоқхонада 1500дан ортиқ маҳбус сақланмоқда. Айни пайтда АҚШ қўшинлари ушбу воқеага муносабат билдирганича йўқ.