Сербия Косово учун ўз курашини давом эттирмоқчи

Сербия етакчилари БМТнинг Ҳаагадаги маҳкамаси Косово ҳукуматининг ўлка мустақиллигини эълон қилиш тўғрисидаги қарорини қонуний деб топганидан сўнг¸ ушбу масаладаги курашни давом эттиришга ваъда бердилар.

Сербия президенти Борис Тажич сўзларига кўра, Ҳаага халқаро суди қарори сентябр ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига чиқарилади.

Сербия раҳбари Косовонинг якуний мақоми музокаралар йўли билан ҳал этилишини назарда тутган БМТ резолюцияси қабул қилиниши истагида эканини билдирди.

- Жорий ҳафта давомида махсус вакилларимиз мен имзолаган мактубни жаҳоннинг 55 давлати президенти ва Бош вазирларига етказадилар. БМТ Бош ассамблеяси арафасида кўпгина давлатлар Косово мустақиллигини тан олиш борасида босим остида бўладилар. Сербия эса жорий йил Ню Йоркда ўтадиган йиғинда Сербия ҳукумати резолюциясини қабул қилиш ҳамда камроқ давлатларнинг Косово мустақиллигини тан олишга эришиш мақсадида барча имкониятларни ишга солади, деди Борис Тажич.

Бироқ Косово раҳбарияти ўлка мустақиллиги амалдаги воқеълик экани ва ушбу масала бошқа муҳокама қилинмаслигини таъкидламоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, ўз навбатида барча давлатлар жумладан Сербияни Косово мустақиллигини тан олишга чақирди.

Европа иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон эса Приштина ва Белград ўртасида сўзлашув жараёнини йўлга қўйишда Брюссел ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.