Донорлар Қирғизистонга 1 млрд доллар ёрдам кўрсатади

Бу маблағ сиёсий бўҳрон ва этник зўравонликлар юз берган Қирғизистонга 30 ой давомида берилиши назарда тутилган.

Донор давлатларнинг 27 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган анжуманида Жаҳон банки расмийси Теодор Ахлерс банк 2010 йил охирига қадар Қирғизистонга 600 миллион доллар беришини маълум қилди.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан четлатилганидан икки ой ўтиб, яъни июн ойида ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ўртасида мамлакат жанубида содир бўлган қонли низолар оқибатида¸ Бишкек расмийларига кўра¸ 316 киши ўлган, юз минглаб одам юртни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бу воқеалар шусиз ҳам заифлашиб қолган Қирғизистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган. Хусусан, бу йил Қирғизистонда иқтисодий кўрсаткичлар 5 фоизга камайиши кутилмоқда.