Покистон Камерон баёнотидан хафа


Покистон ҳукумати Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камероннинг Ҳиндистон сафари чоғида Исломобод борасида берган баёнотига кескин эътироз билдирди.

Чоршанба куни Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида чиқиш қилган Камерон Покистон ҳукумати Афғонистонда тинчлик равнақ топиши йўлида очиқчасига ҳаракат қилиш баробарида у ердаги жанггариларни ҳам яширинча молиялаштириб келмоқда, деган фикрни билдирди.

Айни пайтда Покистоннинг Лондондаги элчиси Вожид Шамсул Ҳасан, Камерон баёнотига муносабат билдирар экан, Буюк Британия ҳукумати раҳбари терроризмга қарши курашда Покистон иштироки ва унинг қўшаётган катта ҳиссасини инкор қилмоқда, дея таъкидлади. Бундан ташқари Покистон элчиси Камеронни Ҳиндистон ва Покистон алоқаларига салбий таъсир кўрсатаётганликда айблади.

Буюк Британия Бош вазирининг мазкур баёнотидан бир кун аввал WikiLeaks сайти Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга оид 90 мингдан ортиқ мафхий ҳужжатларни ошкор қилди. Ҳужжатлардан бирида Покистон хавфсизлик кучларининг Афғонистондаги Толибон жангариларини қўллаб-қувватлашда давом этаётгани борасида ташвиш билдирилган.