Британия Бош вазири Покистон ҳақидаги шарҳини ҳимоя қилди

Деҳлида Ҳиндистон Бош вазири Манмухон Сингҳ билан ўтказган матбуот анжуманида Дэвид Камерон Покистонда террорчи гуруҳлар борлигига ҳеч ким шубҳа қилмаслигини айтди.

Камерон террорчи гуруҳлар йўқ қилиниши кераклигини айтди. Британия Бош вазири бу борада Покистон ҳукумати билан яқин ҳамкор бўлишга умид қилаётганини айтди.

- Лашкари Тойиба бўладими, Кветта Шўро ёки Толибон бўладими, террорчи гуруҳларга қарши курашда бор имкониятни ишга солиш учун биз Покистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз, деди Британия Бош вазири.

Чоршанба куни Дэвид Камерон Покистон террорни рағбатлантириши ва уни дунёнинг бошқа давлатларига экспорт қилишига ҳеч қачон тоқат қилинмаслигини айтган эди.

WikiLeaks интернет сайти эълон қилган махфий маълумотларда Покистон разведкаси Афғонистондаги толиблар билан алоқадор экани иддао қилинган.

Айни пайтда Покистон президенти Осиф Али Зардорийнинг келаси ҳафтада Британияга сафар қилиши кутилмоқда.