Дуйсбург фожиаси қурбонлари хотирланди

Германиянинг Дуйсбург шаҳрида ўтган шанба кунги мусиқа фестивали чоғидаги тиқилинчда нобуд бўлганлар хотирасига бағишлаб бугун махсус тадбир бўлиб ўтди.

Шаҳар марказидаги черковда бўлиб ўтган хотира маросимида Германия канцлери Ангела Меркел, мамлакат президенти Кристиан Вулф ва Германия ҳукуматининг бошқа расмийлари иштирок этдилар.

Мазкур маросимда, шунингдек, фожиа қурбонларининг оила аъзолари, полиция ва қутқарувчилар хизмати ходимлари қатнашдилар.

Дуйсбург шаҳрида ўтган ҳафта “Севги паради” фестивали ўтказилаётган жойга олиб борувчи йўлдаги ягона туннел ичида минглаб одамнинг тўпланиб қолиши натижасида тиқилинч юзага келди ва оқибатда 21 киши нобуд бўлди, 500 дан ортиқ киши тан жароҳати олди.

Фестивал ташкилотчилари эса рўй берган фожиадан сўнг ушбу мусиқа фестивали бошқа ўтказилмаслигини эълон қилдилар.