Аҳмадийнажод Обамани яккама-якка баҳсга чақирди

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод бугун АҚШ президенти Барак Обамани дунёни ўйлантираётган муаммо ечими йўлида телевидение орқали юзма-юз баҳсга чорлади.

Теҳронда бу ҳақда журналистларга сўзлаган Аҳмадийнажод Обама кейинги ойда БМТ нинг Нью Йоркдаги бош қароргоҳида ўтадиган навбатдаги йиғин давомида ўзи билан “яккама-якка сўзлашув”га тайёрлигига умид билдирди.

Шунингдек, Эрон президенти, ҳамкасби Барак Обамани Эрон билан тўхтаб қолган мулоқотни қайта тиклаш учун пайдо бўлган “тарихий имконият”ни бой берди, деб танқид қилди.

Аҳмадийнажод АҚШ нинг аввалги президенти Жорж Бушни ҳам юзма-юз мулоқотга чақирган, бироқ унинг таклифи рад этилган эди. Барак Обама маъмуриятидан бу галги таклифга бирор тарзда жавоб бўлгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.