Қирғизистон прокуратураси генерални ёлғончига чиқарди

Қирғизистон Бош прокуратураси 132 нафар милиция ходимининг мамлакат жанубидаги оммавий тартибсизликларни уюштиришга алоқаси борлиги тўғрисидаги маълумотни инкор этди. Бу ҳақда кеча Қирғизистондаги 24.kg агентлиги хабар қилди.

Агентликка кўра, милиция ходимларининг оммавий тартибсизликлардаги иштироки тўғрисида Ўш шаҳри коменданти ўринбосари, генерал-майор Замир Мўлдўшев маълумот берган эди.

24.kg агентлигига кўра, генерал 31 июл кунги баёнотида "айрим милиционерлар тартибсизликларда шахсан иштирок этган", деган.

Агентлик Молдошевнинг баёнотидан мана бу иқтибосни ҳам келтирган: "Чиндан ҳам ҳуқуқ-тартибот органларининг баъзи ходимлари хизмат ваколатлари доирасидан чиқиб, айрим ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган".

Ўш шаҳар милициясининг айрим ходимлари шу кунда ҳам маҳаллий ўзбекларни қонунга хилоф равишда қўлга олаётгани, қийноққа солаётгани, озод қилиш эвазига катта пул талаб қилаётгани тўғрисидаги маълумотлар Озодликка етиб келмоқда.