Қирғизистонга КХШТ маслаҳатчилари боради

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан иборат маслаҳатчилар гуруҳини Қирғизистонга юборади. Мазкур гуруҳ маҳаллий милицияга яқинда бўлиб ўтган тартибсизликлар тафсилотлари юзасидан тергов-суриштирув тадбирлари ўтказишга ёрдам беради.

Бу ҳақда КХШТ котибиятидаги манбага таяниб Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар қилди.

Агентликка кўра, КХШТ гуруҳи оммавий тартибсизликлар олдини олиш юзасидан ҳам маҳаллий милицияга кўмак кўрсатади. Гуруҳ Қирғизистон республикаси олий раҳбарияти билан келишган ҳолда фаолият олиб боради, дейилади агентлик хабарида.

КХШТ гуруҳи неча кишидан иборат бўлади, гуруҳ Қирғизистонга қачон етиб боради – бу ҳақда хабарда айтилмаган.