Россияда ўрмон ёнғини қурбонлари сони ортмоқда

Россияда давом этаётган ўрмон ёнғинларида нобуд бўлганлар сони сўнгги маълумотларга кўра, 50 кишига етган.

Ҳукумат расмийларининг билдиришича, сўнги 24 соат давомида қутқарувчилар ёнғинда қолган уйлардан бирида ёниб кетган жасадни топган, бошқа бир шахс эса олган тан жароҳатидан шифохонада жон берган.

Бундан ташқари Кемерово вилоятида ёнғин билан курашаётган ўт ўчирувчилар хизматининг икки ходими нобуд бўлгани хабар қилинди.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг билдиришича, ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 600дан ортиқ ёнғин ўчоғи қайд этилган. Ҳаво ҳарорати ҳам сўнгги ҳафта давомида 38 даража атрофида сақланиб қолмоқда.

Чоршанба куни эса мамлакат президенти Дмитрий Медведев Москва ташқарисидаги ҳарбий гарнизонда рўй берган ёнғин олдини олмагани учун Россия армиясининг бир нечта юқори лавозимли расмийсини ишдан бўшатди.