Сув тошқинлари Ҳиндистонга кўчди

Ҳиндистоннинг Кашмир минтақасида ёққан кучли ёмғир ортидан рўй берган сув тошқинлари оқибатида камида 60 киши нобуд бўлди.

Маҳаллий расмийларга кўра, табиий офатдан Жамму ва Кашмир штатларининг тоғли ҳудудида жойлашган Леҳ тумани жиддий зарар кўрган.

Қутқарув ишларига ҳарбийлар ҳам жалб қилинган. Расмийлар ўнлаб одамнинг бедарак йўқолгани ва табиий офат қурбонлари сони янада ортиши мумкинлигини маълум қилдилар.

Сув тошқинлари рўй берган вилоят Покистон ва Хитой билан чегарадошдир.

Ўтган ҳафта давомида қўшни Покистоннинг Пунжоб вилоятида ҳам сўнги 80 йил ичида илк бор фожиали сув тошқинлари рўй берди.

Покистондаги табиий офат оқибатида 1600 киши нобуд бўлди, салкам 3¸5 миллион киши сув тошқинларидан жиддий зарар кўрди.