Покистонда янги сув тошқинлари рўй бериши мумкин

Покистондаги табиий офатларни бартараф этиш агентлигининг билдиришича, мамлакат тарихида кўлами бўйича энг мудҳиш экани айтилаётган сув тошқинларидан шу кунгача 12 миллион киши жиддий зарар кўрган.

Агентлик раҳбари Нодиим Аҳмад сўзларига кўра, мазкур рақам биргина Ҳайбар Пахтунква ва Пунжоб вилоятларига таалуқлидир. Синдҳ вилоятида рўй берган сув тошқинларидан кўрилган зарар ва талофот кўламини аниқлаш ҳануз Покистон расмийлари учун қийинчиликлар туғдирмоқда.

Айни пайтда Покистон расмийлари Синдҳ вилоятида янгидан сув тошқинларининг рўй бериши тахмин қилмоқда.

Табиий офат рўй бериши мумкин бўлган ҳудудлардан эса бир миллиондан ортиқ шахс хавфсиз жойга эвакуация қилинди.

Куни-кеча АҚШ Покистон ҳукуматига 35 миллион доллар ёрдам ажратишини маълум қилди.