Аҳмадийнажод суиқасд бўлмаганини таъкидлади

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўзига нисбатан суиқасд уюштирилганига оид Ғарб оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарларни кескин инкор қилди. Бу ҳақда Эрон президенти журналистлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда қилган чиқиши чоғида маълум қилди.

Аҳмадийнажод сўзларига кўра, чоршанба куни Ҳамидон шаҳрига қилган сафари чоғида эшитилган портлаш товуши аслида президентни қарши олишга чиққан шахслар томонидан отилган мушак овози бўлган.

Чоршанба куни бир қатор ғарб оммавий ахборот воситалари Ҳамидон шаҳридаги намойиш чоғида Эрон президентига суиқасд уюштирилгани хусусида хабар тарқатган эди.

Айни пайтда Эроннинг ИРНА агентлиги ғарб оммавий ахборот воситаларини ушбу воқеага сиёсий тус беришга уринаётганликда айблади.