Медведев Абхазияга борди

Грузия ҳукумати Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Абхазияга қилган сафарини кескин танқид қилди.

Грузия Бош вазири ўринбосари Темур Якобашвили Ғарб оммавий ахборот воситаларига берган интервюси чоғида, Медведев ушбу сафари билан мамлакатда рўй бераётган ўрмон ёнғинлари борасида ҳукуматга бўлаётган босимлардан россияликлар диққатини чалғитишни мақсад қилган, деган фикрни билдирди.

- Медведевнинг сафари Кавказ минтақасида ҳеч нарсани ўзгартира олмайди, - дея таъкидлади Грузия расмийси.

Бугун Абхазияга сафар қилган Дмитрий Медведев ўлка етакчиси Сергей Багапш билан учрашиб, музокаралар ўтказди. Медведев учрашув чоғида Абхазия билан сиёсий, иқтисодий алоқалар ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ваъда берди.

8 август куни Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли ҳарбий можарога икки йил тўлди. Мазкур ҳарбий можаро ортида Россия Грузиянинг икки айирмачи ўлкаси Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган эди.