БМТ: Афғонистонда тинч аҳоли талафоти кўпаймоқда

БМТ жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида Афғонистонда тинч аҳол орасидаги талафотлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга кўпроқ бўлганини маълум қилди.

БМТ талафотларнинг 76 фоизи учун Толибон ва Ал-Қоида жанггарилари масъул эканини айтди.

Ўтган йили нобуд бўлган тинч аҳолининг 50 фоиздан кўпроғи учун жанггарилар масъул экани айтилган эди.

БМТнинг Афғонистондаги Махсус вакили Стефан Де Мистура 10 август куни Кобулда очиқлаган ҳисоботга кўра, давом этаётган уруш оқибатида тинч фуқаролар орасидаги талафотлар кўпайиб бормоқда.

Ҳужжатда жорий йил биринчи ярмида Афғонистондаги уруш билан боғлиқ зўравонликлар натижасида, тинч аҳоли вакилларидан 1 минг 271 киши нобуд бўлгани, қарийиб 2 минг киши жароҳатлангани қайд этилган.