БМТ Бош котиби Покистонга боришни режаламоқда

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Бош котиби Бан Ки Мун шанба куни Покистонга келишни режалаётганини маълум қилди.

Ташрифдан мақсад мамлакат тарихидаги энг мудҳиш сув тошқинлари оқибатида юзага келган оғир вазият билан а танишишдан иборат.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Абдул Боситга кўра, Бан Ки Мун 15 август куни Покистон раҳбарлари билан жабр кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилади.

17 август куни эса АҚШ сенатори Жон Керрининг Исломободда Покистон расмийлари билан табиий офотдан азият чеккан аҳолига ёрдам етказиш билан боғлиқ масалаларин муҳокама қилиши кутилмоқда.

Покистон расмийларига кўра, сув тошқинлари 20 миллион аҳолига зиён етказган.

БМТ маълумотига кўра, сув тошқини оқибатида Покистонда тахминан 1 минг 600 одам нобуд бўлган.

Исломобод расмийлари табиий офат натижасида шу кунгача 1 минг 343 киши нобуд бўлганини айтмоқда.