Обама масжид қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлади

АҚШ президенти Барак Обама Ню Йорк шаҳрида 11 сентябр қўпорувчилик амалиёти содир этилган ҳудудга яқин жойда масжид ҳамда ислом маданият маркази қуриш лойиҳасини қўллаб қувватлади.

Кўпгина америкаликлар ва Ню Йорк шаҳри аҳолиси ушбу лойиҳага мутлоқ қарши чиқиб келмоқдалар. Улар фикрича, 2001 йилги қўпорувчилк амалиёти содир этилган жойга яқин ҳудудда масжид қуриш ушбу фожиада нобуд бўлган 2700дан ортиқ шахсга нисбатан хурматсизлик бўлади.

Жума куни Оқ уйда мусулмон давлатлари дипломатлари ҳамда АҚШ мусулмон жамоаси вакиллари билан учрашган президент Барак Обама Америка тупроғида яшаётган мусулмонлар барча АҚШ фуқаролари каби ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга эканликларини алоҳида таъкидлади. Обама: "Ушбу ҳақ - ҳуқуқларга АҚШ қонунларига риоя қилган ҳолда ибодатхоналар ва маданият марказлари қуриш ҳуқуқи ҳам киради", дея маълум қилди.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, дин эркинликлари борасида АҚШ ҳукумати ўз зиммасига олган барча мажбуриятлар ҳар бир дин учун бирдай бажарилиши лозимлигини таъкидлади.

- Фуқаро ва президент сифатида шуни таъкидламоқчиманки, бу давлатда мусулмонлар бошқалар каби ўз динларига эътиқод қилиш ҳаққига эгалар. Ушбу ҳақ - ҳуқуқларга, албатта маҳаллий қонунларга риоя қилган ҳолда Манхеттэндаги ҳусусий ер участкасида масжид ва маданий марказ қура олиш ҳуқуқи ҳам киради. Бу Америкадир ва дин эркинликлари борасида ўз зиммамизга олган мажбуриятларимиз бирдай бажарилиши шарт,-деди Барак Обама.