Хатлонда буғдой ва картошка экспорти таъқиқланди

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилояти расмийлари 2011 йил баҳоригача буғдой ва картошкани Афғонистон ва Ўзбекистонга экспорт қилишни таъқиқлади.

Бу қарор Россия хорижга буғдой экспорт қилишни таъқиқлаганидан сўнг қабул қилинган.

Хатлон вилоятининг Қишлоқ хўжалик соҳаси мутасаддиси Тожиддин Содиқовнинг Озодликка айтишича, ўтган йил Тожикистонда бир миллион тонна буғдой етиштирилган. Бу мамлакат эҳтиёжининг 60 фоизини ташкил қилган.

Содиқовга кўра, бу йил Тожикистонда буғдой ҳосили ўтган йилга нисбатан кам. Шу боис нархлар кўтарилишининг олдини олиш учун буғдой экспортини таъқиқлаш лозим.

Бироқ Тожикистонда экспорт чеклови жорий қилинишидан олдин нарх аллақачон ошган.

Ҳозир Қўрғонтепада бир килограмм буғдой 1,3 сомонийдан сотилмоқда. Бир йил олдин 1 килограмм буғдой 0,6 сомоний эди.