Президент Карзай Толиблар бир аёл ва эркакни тошбўрон қилганини қоралади

Афғонистон шимолида бир аёл ва эркак Толиблар томонидан тошбўрон қилинганини мамлакат президенти Ҳамид Карзай "кечириб бўлмас жиноят", деб қоралади.

Қундуз вилояти ҳокими Муҳаммад Умарга кўра, 30 ёшлар атрофидаги номаҳрам аёл ва эркак бир-бирига муҳаббати учун вилоят марказидаги бозорда тошбўрон қилинган.

Толиблар шу ой бошида ҳомиладор бўлиб қолган бева аёлни зинокор, деб тошбўрон қилган эди.

Афғонистондаги мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси вакили Нодир Нодирий бу ҳаракатларни “инсониятга қарши жиноят”, дея атади.

- Бу ҳолатлар маҳкама чиқарган ҳукм орқали амалга оширилмаяпти. Бу, асосан, мулоҳазасиз, диний илми бўлмаган ва аксарияти давлатга ёҳуд халқаро кучлар ва оддий одамларга қарши курашаётган қуролли жанггарилардан иборат бўлган гуруҳларнинг ўз бошимча қарори билан амалга оширилмоқда. Улар шу йўл билан одамлар қалбига қўрқув солмоқчи”, деди афғонистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Ўтган ҳафта Афғонистон шимолидаги маҳаллий диний раҳнамолар жамоатчиликка мурожаат қилиб, мамлакатда шаърий жазо қўллаш қоидаларига қайтиш чақириғи билан чиққан эдилар.