Россияда ёнғинлар туфайли жорий этилган фавқулодда ҳолат бекор қилинди

Россия президенти Дмитрий Медведев ўрмон ёнғинлари туфайли мамлакатнинг учта вилоятида жорий қилинган фавқулодда ҳолатни бекор қилди.

Хабарларга кўра, Москва, Нижний Новгород ва Мордовия вилоятларида ёнғин ўчоқлари деярли бартараф этилган, бироқ Рязан вилоятида вазият жиддийлигича қолмоқда.

Россия президенти Дмитрий Медведев бундан икки ҳафта муқаддам мамлакат бўйлаб авж олган ўрмон ёнғинлари туфайли бир нечта вилоятда фавқулодда ҳолат жорий қилган эди.

Бир неча кун давом этган ўрмон ёнғинларида 100дан ортиқ киши нобуд бўлди, минглаб одам бошпанасиз қолди.