Покистонга 500 миллион долларлик ёрдам тўпланди

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун сув тошқинларидан зарар кўрган Покистонга 500 миллион долларга яқин молиявий ёрдамни тўплашга ҳисса қўшган давлатларга миннатдорчилик билдирди.

Яқин кунлар ичида Покистонга ёрдам сифатида қўшимча 320 миллион доллар тўплаш режаланган. Донор мамлакатлар орасида АҚШ Покистонга энг йирик молиявий ёрдам кўрсатмоқда. Расмий Вашингтон сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун Покистонга жами 150 миллион доллар ажратишини эълон қилди.

Хабарларга кўра, Покистон ўзаро алоқалари кескинлигича қолаётган ён қўшниси Ҳиндистоннинг 5 миллион долларлик ёрдамини олишга рози бўлган.

БМТнинг сўнги маълумотига кўра, Покистондаги сув тошқинлари оқибатида салкам 8 миллион киши бошпанасиз қолган.