Жиабао: Хитойга ислоҳотлар керак

Хитой бош вазири Вен Жиабао мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш чақириғи билан чиқди.

Шэнчжен шаҳрида чиқиш қилган бош вазир сиёсий “реструктуризация”сиз Хитой ўз олдига қўйган вазифа ва мақсадларга эриша олмайди, дея таъкидлади.

Вен Жиабао ўз чиқишида “давлат бошқарувини бир шахс қўлида ушлаб туришдан воз кечиб, фуқароларга ҳукумат фаолиятини назорат қилиши учун имкониятлар яратилиши ва уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши лозим”, деган фикрни билдирди.

- Кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда шаффофлик мамлакатни тараққиётга етакловчи ягона йўлдир, - дея қўшимча қилди Хитой бош вазири.