Эрон йирик ҳужумчи кемаларни қурмоқда

Эрон бортидан ракета ҳужуми амалга ошириладиган иккита йирик ҳужумчи кема қуришни бошлади.

IRNA агентлигининг мамлакат мудофаа вазири Аҳмад Волидийдан иқтибос келтиришича, “мамлакат армияси ўзининг барча ҳарбий қувватини ишга солиб Форс кўрфази, Уммон денгизи ва Ҳормуз бўғози ҳавфсизлигини таъминлайди”.

Фарс агентлиги хабарига кўра, бу кемалардан отилган ракета оғирлиги 300 тоннага қадар бўлган нишонни уриши мумкин. “Сирай” ва “Зулфиқор” деб номланган икки ҳарбий кемадан патрул назорати ҳамда ҳужум амалиётлари учун фойдаланилиши хабар қилинмоқда.

22 август куни эса Эронда узоқ масофага парвоз қиладиган ва учувчисиз бошқариладиган бомбардимончи учқичнинг тақдимот маросими бўлиб ўтган эди.