Зардорий: Покистонни тиклаш учун 3 йилдан кўп вақт керак

Покистон президенти Осиф Али Зардорий мамлакатда рўй берган сув тошқинлари оқибатларини тугатиш ва қайта тиклаш ишларини ниҳоясига етказиш учун 3 йилдан кўпроқ вақт керак бўлишини айтди.

БМТ маълумотига кўра, Покистондаги мисли кўрилмаган сув тошқинлари оқибатида қарийб 1600 киши нобуд бўлган, бир неча миллион одам бошпанасиз қолган.

Душанба куни мухбирлар билан суҳбатда президент Зардорий жанггариларнинг бўҳрондан фойдаланиб, ўз сафларини тўлдириши ёки ҳужумлар уюштиришининг олдини олиш учун чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлади.

Вашингтонда Халқаро валюта жамғармаси расмийси Покистон раҳбарияти табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун ажратилган маблағни сарфлашда мушкул қарорларни қабул қилишига тўғри келади, дея таъкидлади.

Халқаро валюта жамғармаси ва Исломобод расмийлари Покистондаги лойиҳалар учун 2008 йилда ажратилган 10 миллиард долларлик қарз масаласини муҳокама этишлари кутилмоқда.