Чили кончиларини қутқариш ойларга чўзилади

Чили ҳукумат мулозимлари ерости қамалида қолган 33 нафар кончини қутқариш бир неча ойгача чўзилиши мумкинлигини билдирдилар.

Чили соғлиқни сақлаш вазирига кўра, устки қисми чўкиб қолгани боис қамалда қолган ва айни пайтда ер остидаги хавфсизлик ҳужрасида жон сақлаëтган кончилар бу хабарни тушунароқ қаршилашган.

- Руҳий ҳолати барқарор бўлган кончилар тоғ бағридан халоскор туннел тешиш учун қанча вақт кетишини яхши биладилар, - деди вазир

Чилидаги олтин ва мис рудалари қазиб чиқариладиган кон 5 август куни чўкиши натижасида 33 кончи ер остида қолди. Кончиларнинг ер остидаги махсус хавфсизлик ҳужрасигача етиб олиб, тирик қолгани жорий ҳафтада маълум бўлди.

Қутқарувчилар ҳужра ичкарисига тешик очиб, тириклик учун зарур ашё ва дори-дармонларни етказишди.

Бу тешик ҳозирча қамалда қолган кончиларнинг ташқи дунë билан боғловчи ягона кўприк бўлиб қолмоқда.