Тожик расмийлари болаларни жиҳод майдонидан қайтармоқчилар

"Тожикистондан ташқаридаги исломий мадрасаларда таълим олаётган тожик толиблари мамлакатга қайтарилсин".

Бу талабни қўйган Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга кўра, хориждаги мадрасаларда норасида тожиклар муллаликка эмас, балки террорчиликка ҳозирланмоқда.

Айни пайтда Имомали Раҳмон Тожикистонда исломий илм олиш учун етарли имкониятлар яратилгани ва чунончи Ислом университети борлигини айтиб ўтди.

Тожикистон маориф вазири Абдужаббор Раҳмонов Озодликка Покистон жанггоҳларидаги Тожикистон фуқароси бўлган йигитчаларни қайтариш ва уларни руҳий реабилитация қилиш заруратини айтди.

Вазирга кўра, болаликдан маҳрум қилинган бу "аскар"ларнинг руҳияти абгор қилинган. Вазирнинг маълум қилишича, яқинда 10 тожик боласи Покистон мадрасаларига олиб кетилаëтганида тўхтатиб қолинди.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 3500 масжид ва 19 та мадраса фаолият кўрсатади.