Хўжандда кучли портлаш содир этилди

Бугун эрталаб Хўжанд шаҳридаги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш агентлиги минтақавий бўлими ҳудудида кучли портлаш содир этилгани оқибатида камида бир нафар милиция ходими нобуд бўлди, 30га яқин одам яраланди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Муҳаммаджон Назриев воқеа ҳақида Озодликка буларни айтди.

- Худкуш шахс ўз машинасини Уюшган жиноятчиликка қарши кураш агентлиги Суғд вилояти бўлимининг дарвозасидан ховлига кириб келган иккита автомашина ортидан катта тезликда суқулиб кириб келганидан кейин портлаш содир бўлган,- деди Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида худкуш кимсадан бошқа одам ўлмаган.

Мазкур ҳужум Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарларини ишдан бўшатганидан бир кун кейин содир этилди.

Бунга 22 август куни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган 25 нафар маҳбус беш соқчини ўлдириб, Душанбедаги Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочгани сабаб бўлди.

Ҳозирда уларнинг аксари қидирилмоқда.