Доғистондаги ҳарбий қисмга худкуш ҳужум қилди

Доғистоннинг Буйнакск туманидаги ҳарбий қисмга қилинган ҳужум натижасида 3 одам ўлдирилди, 34 нафари жароҳатланди.

Портлаш чоғида жароҳат олган 4 кишининг аҳволи жуда оғир экани айтилмоқда.

Ҳозирда тергов органлари ҳарбий қисмга ҳужум ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатгани хабар қилинмоқда.

Хабарларга кўра, шанбадан якшанбага ўтар кечаси мина ўрнатилган автомобилда келган номаълум шахс ҳарбий қисм қўриқчиларига автоматдан ўқ узган ва шундан сўнг портлаш содир бўлган.

Яна бир портловчи мослама эса воқеа жойига келаётган тезкор-тергов гуруҳи йўлида портлаган. Иккинчи портлашда ҳеч ким жароҳатланмаган.

Россия телевидениеси хабарига кўра, Россия Мудофаа вазирлигидан воқеани ўрганиш учун махсус комиссия юборилган.

Кейинги пайтларда Шимолий Кавказнинг Доғистон ва унинг пойтахти бўлган Маҳачқалъа шаҳарларида террор ҳужумлари сони ортмоқда.