Сеул Эронга қарши санкция эълон қилди

Жанубий Корея Эронга қарашли банкнинг бўлими жаримага тортилиши ва Теҳрон билан бўладиган барча пул ўтказиш операцияларини ҳукумат ўз назоратига олишини билдирди.

Бу чора Теҳроннинг ядровий дастури борасида Эронга нисбатан жорий қилинган санкцияларни кучайтириш доирасида амалга оширилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ким Йонг-Сан Миллат банкининг пойтахт Сеулдаги бўлими жаримага тортилишини мазкур банк Эроннинг ядровий дастури ва мудофаа соҳасига алоқадор ширкатларга юзлаб миллион доллар пул ўтказгани билан изоҳлади.

Эрон яширинча ядровий қуролга эга бўлишга интилаётгани бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириб келаётган АҚШ Жанубий Корея ҳукумати қабул қилган қарорни олқишлади.

Эслатиш жоизки, Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.