Тожик чегарачиларига Толибон билан ЎИҲ ҳужум қилди

Ўтган ҳафтадаги воқеадан кейин Тожикистон-Афғонистон чегара олди ҳудудларда назорат кучайтирилди.

Панж дарёси бўйидаги чегара отрядига ҳужум қилганлар Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Толибон жангарилари эди, демоқда Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси. 8 сентябр куни Тожикистон-Афғонистон чегарасида Афғонистон томонидан келган жангарилар 24 соат давомида тожик чегарачиларига қаршилик кўрсатган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг давлат чегараларини қўриқлаш бошқармаси Панж дарёси ёқасида жойлашган чегара отрядига 8 сентябр куни ҳужум қилганлар Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари экани тахмин қилинган эди.

14 сентябр куни мазкур бошқарманинг Озодликка интервью берган масъули Хушнуд Раҳматуллоев Тожикистон давлат чегарасидаги “Қоровултепа” отрядига Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг қирққа яқин жангариси ҳужум қилгани аниқланганини маълум қилди.

- Қўлимиздаги тасдиқланган маълумотларга таянган ҳолда шуни айтмоқчиманки, мазкур отрядга ҳужум қилганлар Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибон жангарилари бўлган. Ўша кунги жангларда улардан 20 нафари йўқ қилиниб, яна бир нечатаси сувга чўкиб кетган. Қолганлари эса Афғонистонга қайтиб кетган. Отишма содир бўлган жойдан наркотик моддалар, қурол яроқ ва Тожикистонда тақиқланган адабиётлар топиб мусодара қилинди, деди Тожикистон чегара хизмати масъули Хушунуд Раҳматуллоев.

Унинг айтишича, отишма пайтида Тожикистон томондан бир зобит ҳалок бўлган.

Айни дамда Тожикистоннинг Афғонистон билан давлат чегаралари қаттиқ назорат остига олинган, дея қўшимча қилди у.

Тожикистон ва Афғонистон давлат чегарасида рўй берган воқеа Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан ўта хавфли жиноятчиларнинг қочгани пайтига тўғри келди.

Расмий маълумотларда ҳибсдан қочганлар орасида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг икки аъзоси ҳам борлиги айтилган.

Аммо ўтган ҳафтада чегарачилар билан жангга киришганлар орасида қидирувдаги жиноятчилар бўлганми, йўқми расмийлар изоҳлаганича йўқ.

Миллий хавфсизлик қўмитасидан қочган маҳбусларнинг республика барча ҳудудларидаги аҳоли тинчини бузаётгани ва афғон-тожик чегарасида рўй берган отишма оддий тожикистонликлар орасида ташвишларга сабаб бўлмоқда.

Айрим таҳлилчилар афғонистонлик жангариларининг Тожикистон жанубий сарҳадлари олдида тургани ва улар бугунми, эртами Амударёни кечиб мамлакат жанубини хавф остига қўйиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаётир.

Мустақил таҳлилчи Амирулло Собир тожик чегарачилари билан жанг қилган жангарилар Афғонистон ҳукумати ва НАТО кучлари босимидан қочиб, чегаранинг бу томонидан паноҳ топишга уринишган бўлиши мумкин дея тахмин қилади.

Таҳлилчи фикрича, Афғонистондаги вазъият барқарорлашмагунга қадар Тожикистон жанубида бу хавф сақланиб қолаверади.

- Бу хавф кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. НАТО кучларининг Афғонистонда жангариларга қарши олиб бораётган шиддатли амалиётлари натижасида Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг катта қисми Афғонистоннинг Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларига ҳам қочиб келмоқда. Менимча, бу Тожикистон ва Ўзбекистон учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Чунки чорасиз қолган жангарилар бу давлатлар жанубий чегараларидан кириб келиши эҳтимолдан йироқмас, дейди мустақил таҳлилчи Амирулло Собир.

Айтиш жоизки, Тожикистоннинг Афғонистон билан 1400 километрлик чегараси 2004 йилгача Россия чегарачилари томонидан қўриқлаб келинган эди.

Чегара назорати тожикистонлик чегарачилар ихтиёрига ўтган шу давр мобайнида тожик-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтувчилар билан тожик чегарачилари ўртасида жуда кўплаб тўқнашувлар рўй берган.

Россия ҳукумати ва оммавий ахборот воситалари тожикистонлик чегарачилар бундай катта масофадаги чегарани қўриқлаш уддасидан чиқишига шубҳа билан қарашларини айтиб келади.

Тожикистон расмийлари эса, Россия томони бу билан мамлакат чегараларини яна ўз ихтиёрига олишга уринмоқда, дея таъкидлаб келади.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, Афғонистонда етиштирилган наркотикларнинг тахминан 25 фоизи айнан Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудлари орқали Россия ва Европа мамлакатларига олиб чиқилади.